"Озодлик руҳи". Озод Европа радиоси 75 ёшда
1955 йилда Германиянинг Мюнхен шаҳридаги Озод Европа радиоси (RFE) идорасида венгер хизмати бошловчиси.Радио беш йил аввал, 1950 йил 4 июль куни ўз эшиттиришларини бошлаган эди.
Мюнхендаги бош қароргоҳда Озод Европа радиоси (RFE) ходимлари эшиттириш олиб борилаётган мамлакатлардан келган хатларни саралаб чиқмоқда.RFE Шарқий Европада коммунизм остида яшаб келаётган «қулликдаги халқлар» қалби ва онгида эркинлик руҳини сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилганди.
Oзод Европа радиоси (RFE) қароргоҳи Мюнхендаги English Garden боғи ёнида жойлашган мана шу мажмуада жойлашган.RFE Шарқий Европадаги коммунистик давлатларга эшиттириш олиб борган бир пайтда, унинг шўъба ташкилоти — Озодлик радиоси (RL) 1953 йилда Совет Иттифоқига эшиттиришлар узатиш мақсадида ташкил этилган.
RFE фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тайёрланган буклет.Озод Европа радиоси (RFE) қисман хайрия маблағлари ҳисобидан, аммо асосий қисми махфий равишда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) томонидан молиялаштирилган.Бундай яширин молиялаштириш RFE’га расман давлат томонидан тўғридан‑тўғри молияланадиган ташкилотларга нисбатан эркинроқ фаолият олиб бориш имконини берган.
Озод Европа радиосининг асосий трансляция қиладиган станцияси Глорияда, Португалиянинг Лиссабон шаҳри яқинида жойлашган.Oзод Европа радиоси (RFE) ва Озодлик радиоси (RL) Германия, Испания ва Португалияда жойлашган кучли қисқа тўлқинли узатувчилардан фойдаланиб, сигналларни атмосфера орқали “сақраб ўтиши” йўли билан Шарқий Европа ва Совет Иттифоқи ҳудудларига етказган.Озодлик радиоси шунингдек, Тайванда жойлашган эшиттириш мажмуаси орқали Совет Иттифоқининг энг олис ҳудудларига эшиттиришларини узатган.
1955 йилда Ғарбий Германияда, Чехословакия билан чегара яқинида, қуролли аскар ўрта тўлқинли радиоузатувчи юк машинасини қўриқламоқда.Коммунистик давлатлар Озод Европа радиоси (RFE) ва Озодлик радиоси (RL) эшиттиришларини блоклашга ҳаракат қилганлари сабабли, RFE бунга жавобан ўнлаб мобил эшиттириш станцияларини жойлаштирган. Юқоридаги каби мобил узатгичлар Темир парда яқинида, яъни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги чегарада фаолият юритиш имконига эга эди.
1956 йилдаги инқилоб пайтида венгерлар ағдарилган Иосиф Сталин ҳайкали атрофида тўпланишган.1956 йилда Озод Европа радиоси (RFE) Венгриядаги коммунизмга қарши қўзғолонни қўллаб-қувватлаётгандек туюлган эшиттиришлари учун қаттиқ танқид остида қолди. Инқилоб Совет армияси томонидан қонли тарзда бостирилди — минглаб одам ҳалок бўлди.RFEнинг ўша пайтдаги Венгрияга йўналтирилган эшиттиришларини таҳлил қилар экан, улар орасида революцион ҳаракатни қандай давом эттириш бўйича техник маслаҳатлар ҳам бор эди. Буни қайта кўриб чиққан RFEнинг собиқ раҳбарларидан бири шундай хулоса қилган:«Радио ҳеч қачон одамларга нима қилиш кераклигини ўргатиши керак эмас — айниқса, зўравонликлар пайтида бундан янада эҳтиёт бўлиш лозим.»
Озод Европа радиосининг Берлиндаги мухбири Том Бодин 1964 йилда Ғарбий Берлиннинг Груневальд ўрмонида ўтказилган Британия-Америка қўшма ҳарбий машғулотлари пайтида АҚШ аскари билан суҳбатлашмоқда.Радио репрессив режимлар остида яшаётган аҳолига етиб бориш учун идеал восита сифатида қаралган. Бунинг сабаби — эшиттиришни тинглаш из қолдирмас эди. Тингловчи радио тўлқинини эшитгач, шунчаки бошқа частотага ўтиши мумкин эди — бу унинг кимлигини фош қилмасди.
Польшалик қиз коммунизм остида яшаётган ватандошларига мурожаат йўлламоқда.Озод Европа радиоси (RFE) ва Озодлик радиоси (RL) фақат янгиликлар берибгина қолмай, балки замонавий мусиқа ва маданий мавзуларда ҳам дастурлар узатиш орқали тингловчиларни ўзига жалб қилган.
1967 йилда Мюнхендаги Озод Европа радиоси (RFE) таҳририят биносида муҳаррирлар иш жараёнида.Ўша йили RFEнинг АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) томонидан молиялаштирилгани фош бўлди. Шундан сўнг, радиостанция ўз бюджетига тўғридан‑тўғри АҚШ Конгрессидан маблағ олишни бошлади.Радио коммунистик режимлар ва Ғарб демократиялари ўртасидаги ғоялар урушида муҳим қурол сифатида қаралар эди.
Мюнхендаги мониторинг станцияси — бу ерда коммунистик давлатлардан юборилган радиотўлқинлар ёзиб олинган ва RFE ходимлари томонидан таҳлил қилинган.1976 йилда Озод Европа радиоси (RFE) ва Озодлик радиоси (RL) бирлаштирилиб, RFE/RL — Озод Европа / Озодлик радиоси номи остида ягона ташкилотга айлантирилди.
1981 йил феврал ойида Мюнхендаги RFE/RL (Озод Европа / Озодлик радиоси) идорасида содир этилган портлаш саҳнаси.RFE/RL’нинг таъсир кучи унинг ходимлари ва инфратузилмасига қилинган бир неча ҳужумлар орқали ҳам тасдиқланган. 1981 йилда радиостанцияга уюштирилган ҳужум Руминиянинг коммунистик раҳбари Николае Чаушеску томонидан молиялаштирилган, деб хабар қилинган. Ушбу ҳужумни венесуэлалик машҳур марксист ҳарбий гуруҳ етакчиси, “Шақол Карлос” номи билан танилган Илич Рамирес Санчес уюштирган.Портлаш натижасида RFE/RLнинг Мюнхендаги қароргоҳи бир бурчаги вайрон бўлган ва бинодаги бир неча ходим жароҳат олган.
1981 йилда Мюнхендаги RFE/RL қароргоҳида содир бўлган портлашдан кейинги ҳолат.Патрик Мур — RFE/RLда катта таҳлилчи бўлган ва портлаш содир бўлганидан кўп ўтмай ҳодиса жойига етиб борган. Унинг сўзларига кўра, RFE/RL ходимларининг кўпчилиги шундай ҳужум бўлиши мумкинлигини кутган — чунки ўша пайтда бино яхши қўриқланмасди.«Бу Совуқ уруш эди ва биз унинг олдинги чизиғида эдик», — дейди у.
1982 йилда Мюнхендаги қароргоҳдаги хавфсизлик чоралари.Озод Европа радиоси (RFE)нинг алоҳида журналистлари ва муҳаррирлари ҳам коммунистик давлатларнинг Ғарбий Европада фаолият юритган махфий хизматлари томонидан нишонга олинган.Улардан бири — болгариялик журналист Георгий Марков бўлиб, у RFE учун коммунизм остидаги ҳаёт ҳақида танқидий эшиттиришлар тайёрлаган. 1978 йилда Марков Лондонда заҳарли рицин моддаси билан ўлдирилган — заҳар махсус капсула ичида бўлган ва соябон воситасида унга отилган.
1989 йил декабрь ойида Берлин деворида пайдо бўлган тешик орқали Ғарбий Берлинга кириб келаётган ёш шарқий берлинликлар қувонч билан байрам қилишмоқда.Берлин девори ағдарилгандан сўнг ва Европадаги коммунистик режимлар бирин-кетин қулаганидан кейин, RFE/RL’нинг келажаги юзасидан баҳслар бошланди. Бу даврда радиостанциянинг бюджети деярли учдан икки қисмигача қисқартирилди.
Прагa шаҳар марказида жойлашган ушбу бино RFE/RL учун қароргоҳ вазифасини ўтаган.1995 йилда RFE/RL ўз қароргоҳини Прагага кўчирди. Чехия президенти Вацлав Ҳавел радиостанцияга шаҳар марказида жойлашган собиқ Чехословакия коммунистик парламенти биносини рамзий ижара тўлови эвазига таклиф қилган.2009 йилда радиостанция фаолияти махсус қурилган янги бинога, шаҳар марказидан ташқарига кўчирилди.
Озод Европа / Озодлик радиосининг (RFE/RL) Арман хизмат мухбири Рузанна Степанян Ереванда полиция ва намойишчилар ўртасидаги қарама-қаршиликни ёритмоқда.Европада коммунизм қулаганидан кейин, RFE/RL бир қатор тилдаги эшиттиришларини ёпди— жумладан Польша, собиқ Чехословакия ва Болтиқбўйи давлатларига мўлжалланган эшиттиришлар.Шу билан бирга, Болқонлар ва Эрон каби ҳудудларга йўналтирилган янги хизматлар ҳам очилди.
Озод Европа / Озодлик радиосининг (RFE/RL) визуал журналисти Марян Кушнир 2022 йилда Россиянинг Украинага нисбатан кенг қамровли босқинининг илк ҳафтасида Киев яқинида тасвирга олмоқда.Россиянинг Украинага қарши уруши шароитида RFE/RL жойлардаги вазиятни кенг ва доимий равишда ёритиб келмоқда.Бугунги кунда RFE/RL — бу автократик ҳукуматлар томонидан эркин матбуот тақиқланган ёки ҳали тўлиқ шаклланмаган давлатларда фаолият юритувчи йирик халқаро ахборот ташкилотидир.
2023 йилда Прагадаги Озод Европа / Озодлик радиоси (RFE/RL) қароргоҳида журналистлар Россия қамоқхонасида сақланаётган ҳамкасби Алсу Курмашеванинг озод қилиниши учун кампания олиб боришмоқда.Ташкил этилганидан 75 йил ўтиб, RFE/RL АҚШ президенти маъмуриятининг уни ёпиш бўйича уринишларига қарши кураш олиб бормоқда.